Qur'on

Қуръони Карим дарслари (135-дарс) Мовароуннаҳрда тафсир илми (иккинчи мақола)

islom.info
islom.info

Қуръони Карим дарслари (135-дарс) Мовароуннаҳрда тафсир илми (иккинчи мақола)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий Ҳанафий. У зот «Имамул‑ҳуда» – «Ҳидоят имоми» номи билан машҳур бўлган. Имом Абу Лайс Самарқандий ҳижрий 373 санада вафот этган. 

Имом Абу Лайс Самарқандий кўплаб китоблар таълиф қилган. Жумладан, фиқҳ бўйича «Ан‑Навазил» китоби ва «Хизанатул-фиқҳ» номли китоб, ваъз-насиҳат хусусидаги «Танбиҳул-ғофилин» китоби шу кишининг қаламига мансубдир. 

Имом Абу Лайс Самарқандий тафсирга оид китобини «Баҳрул-улум» деб номлаган ва бу тафсир «Ат‑тафсир бил-маъсур» тоифасидандир. 

Имом Абу Лайс Самарқандий ўз тафсирида саҳоба ва тобеъинлардан кўплаб ривоятларни келтирган. Аммо санадларини зикр қилмаган. 

Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандийнинг «Баҳрул-улум» тафсири қўлёзмаси Алий Муҳаммад, Одил Аҳмад ва Закариё Абдулмажид томонидан таҳқиқ қилинди ҳамда 1413 ҳижрий йилда Байрутдаги «Дарул‑кутубил‑илмийя» нашриёти томонидан биринчи бор нашр этилди. 

Имом Жоруллоҳ Абул‑Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Замахшарий. 

Бу улуғ имом Хоразмнинг Замахшар қишлоғида 467 ҳижрий санада таваллуд топган ва ҳижрий 538 санада вафот этган. У зот ўзи туғилган юртда дафн қилинган. Имом Замахшарий турли илмларга доир кўплаб китоблар тасниф қилган. Энг машҳур муаллафотларидан бири «Ал‑Кашшаф ан ҳақоиқи ва уйунил-ақовил фи вужуҳит-таъвил» номли тафсир китоби бўлиб, у кўпчиликка «Кашшоф» номи билан машҳурдир.

Бу тафсир энг машҳур тафсирлардан биридир. У ўзидан кейинги кўплаб тафсирларга манба бўлган. 

«Кашшоф» тафсири ҳақида уламолар жуда кўплаб яхши мақтовларни айтганлар. Баъзилар: «Агар «Кашшоф» бўлмаганида, Қуръони Каримнинг маънолари тўлиқ кашф бўлмай қолар эди», деган.

Уламолар «Кашшоф»нинг қуйидаги хусусиятларини алоҳида таъкидлайдилар:

  «Қуръони Карим маънолари таржимаси» ҳамда «Зуҳд ва ҳаё» китобларининг тақдимоти(видео лавҳа)

– Кераксиз ва ортиқча нарсалардан холи экани.

– Қисса ва исроилиётдан саломатлиги.

– Маъноларни баён қилишда араб тили ва унинг услубларига суяниши.

– Маъоний ва баён илмларига ҳамда балоғатга алоҳида эътибор берганлиги.

– Савол-жавоб услубини ишлатгани. Имом Замахшарий маълум масалаларни баён қилиш борасида «агар сен ундай десанг, мен бундай дейман» услубини ишлатган.

«Кашшоф»нинг мақтовида айтилган гаплар жуда ҳам кўп. Шу билан бирга, уни танқид қилганлар ҳам оз эмас. Танқидларнинг хулосаси икки нарсага бориб тақалади. Биринчиси – муаллифнинг мўътазилий фикрлари ва тафсирда ҳадисларнинг заиф ҳамда тўқималарини ҳам келтиргани.

Кейинги уламолардан иккитаси «Кашшоф»даги ушбу икки нуқсонни ҳам тўлдирганлар. Имом Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мунир «Ал-Инсоф» номли китоб ёзиб, «Кашшоф»даги мўътазилий фикрларни тўғрилашни йўлга қўйди. Имом Абдуллоҳ ибн Юсуф Зайлаъий «Кашшоф»даги заиф ва сохта ривоятларни аниқлаб чиқди. «Кашшоф» тафсири ушбу икки илова ила нашр қилинди. Бу жуда катта фойда берди. 

Имом Фахриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Розий 534 ҳижрий санада Рай шаҳрида таваллуд топган ва умрининг кўп қисмини Хоразмда ўтказган. 

У кишининг «Мафатийҳул-ғойб» номли тафсир китоби илм аҳли ўртасида оятлар орасидаги муносабатларни ва суралар ўртасидаги боғланишларни баён қилиш ва бошқа бир қанча имтиёзлари билан машҳур бўлган. Имом Розий ҳижрий 606 санада вафот этган. («Мафатийҳул-ғойб» тўғрисидаги маълумотлар олдин ўтди.)

5. Имом Абулбаракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий. Бу улуғ имом Насаф (ҳозирги Қарши) шаҳрида таваллуд топган (бу шаҳар ҳозир Қарши деб номланади) Имом Насафий ҳижрий 701 санада вафот этган. 

Насафийнинг тафсир китоби «Мадарикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил» деб номланган. Бу китоб кўпчиликнинг таҳсинига сазовор бўлган ва бўлиб келмоқда. У ҳажми ўртача бўлишига қарамай, энг улуғ китоблардандир. Иборалари осон. Эъроб, қироат, бадиъ ва баён, балоғат ва фасоҳат илмларини ўз ичига олган. Ақийдада Аҳли сунна ва жамоанинг қавлини келтирган. Бидъат ва залолатлардан холи. Узун ҳам, қисқа ҳам эмас.

  Шотибий ҳақида ҳикоялар

Имом Насафий ўзининг «Мадарикут-танзил» номли тафсир китобини таълиф қилишда Имом Замахшарийнинг «Кашшоф» номли тафсиридан фойдаланган. Имом Насафийнинг «Мадарикут-танзил» номли бу китоби ҳозирги кунимизгача уламою толиби илмлар орасида зўр эътибор билан шуҳрат топиб келмоқда ва кўпгина Ислом ўқув юртларида қўлланма сифатида ишлатиб келинмоқда.

Бундан ташқари, Мовароуннаҳрда «Итқон», «Тафсири Нуъмоний», «Тафсири Тибён», «Тафсири Мавлоно Чархий» каби маҳаллий тилларда таълиф қилинган кўплаб тафсирлар мавжуд. Улар тожик, ўзбек, татар ва бошқа тилларда ёзилган. Эслатиб ўтмоқ лозимки, мазкур машҳур муфассирларнинг китоблари ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг кутубхона ва музейларида мавжуддир, жумладан, Мовароуннаҳр мусулмонлари диний идораси қошидаги кутубхонада ҳам бор.

Бу китоблардан уламолар ва илм толиблари Ислом ва мусулмонлар хизмати учун бўлаётган илмий баҳсларида истифода қилмоқдалар. Аллоҳ таоло уларнинг барчаларини Ўзи хуш кўрган ва рози бўлган хайрли ишларга муваффақ қилсин! Омин!

«Қуръон илмлари» китоби асосида тайёрланди

Qur’on
«Қуръони Карим маънолари таржимаси» ҳамда «Зуҳд ва ҳаё» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди

Manba:Islom.uz